Тошкентдаги бир нечта масжидда имомлик қилган ва "Райҳон оилавий миллий таомлари" таъсисчиси Одилхон қори Исмоилов суд залидан озод қилинди. Бу ҳақда Наманган вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноят иши Наманган вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 12 октябрь куни суд ажрими эълон қилинган.
Апелляция суди иш доирасида етказилган зарарнинг бир қисми қопланганини, Исмоиловга тегишли мол-мулкни банк балансига ўтказиш белгиланганини ва хатланган мулклар сотилиб, зарарни қоплашга йўналтирилганини инобатга олган.
Натижада Одилхон Исмоиловга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди бўйича тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан жазо шартли деб ҳисобланиб, унга уч йиллик синов муддати белгиланган. Шу тариқа у суд залидан озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг 2026 йил 13 июлдаги ҳукми билан Одилхон Исмоилов ва яна олти нафар судланувчи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатларни эгаллаш ва қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилганди.
Ўшанда Одилхон Исмоиловга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолган олти нафар судланувчига ҳам қилмишларидан келиб чиқиб, турли муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланганди.
Одилхон қори Исмоилов 1977 йилда Наманган шаҳрида туғилган. У турли йилларда Тошкентдаги "Ҳазрати Умар", "Шайх Зайниддин" (Кўкча), "Фирдавс" ва "Хўжа Аламбардор" (Камолон) масжидларида имом-хатиблик қилган. Шунингдек, бир муддат "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.
У 2026 йил январь ойида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик ва бошқа айбловлар билан қамоққа олинганди.






