Фарғона шаҳрида 26 туп Элдор қарағайини рухсатсиз кесган хусусий корхонага 4 миллиард сўмдан ортиқ молиявий санкция қўлланилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқбузарлик Фарғона вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида аниқланган.
Хусусан, шаҳарнинг "Шодлик" маҳалласи ҳудудида жойлашган "А.S." хусусий корхонаси томонидан 26 туп Элдор қарағайи рухсатсиз кесилгани маълум бўлган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат натижасида ўсимлик дунёсига 810 миллион 480 минг сўм зарар етказилган. Шунингдек, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 56-моддасига асосан, корхонага 4 миллиард 52 миллион 400 минг сўм молиявий санкция қўлланилган.
Ҳуқуқбузарликка оид ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилган.






