АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Адлия вазирлигида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва хусусий мулкчилик масалалари муҳокама қилинди

Иштирокчилар ер муносабатларини тартибга солишда хусусий мулк ҳуқуқи кафолатлари, давлат назорати, иқтисодий самарадорлик ва жамоат манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

'Адлия вазирлигида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва хусусий мулкчилик масалалари муҳокама қилинди'ning rasmi

Адлия вазирлигида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, ер муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш ва хусусий мулкчиликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистонда ер муносабатларини тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ер ажратиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва соҳани рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, 2024 йилдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда электрон онлайн-аукцион механизмлари жорий этилган. Бу орқали ер ажратиш жараёнларида инсон омилини камайтириш ва тенг имкониятлар яратиш мақсад қилинган.

Муҳокамалар давомида суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ердан самарасиз фойдаланишнинг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Конференциянинг асосий мавзуларидан бири қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан хусусий мулкчиликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатлари бўлди.

Хусусан, хорижий давлатларда ерга хусусий мулк ҳуқуқини жорий этиш тажрибаси, ер муомаласига қўйилган чекловлар ва мулкдорларнинг мажбуриятлари таҳлил қилинди. Шу билан бирга, ерларнинг айрим шахслар қўлида тўпланиши, кичик фермер ва деҳқонлар манфаатларига салбий таъсир кўрсатилиши ҳамда экологик хавфлар каби эҳтимолий оқибатлар ҳам муҳокама қилинди.

Иштирокчилар ер муносабатларини тартибга солишда хусусий мулк ҳуқуқи кафолатлари, давлат назорати, иқтисодий самарадорлик ва жамоат манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириш ҳамда улардан ер муносабатларига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини ўрганишда фойдаланиш режалаштирилган. Конференция доирасида тайёрланган илмий мақолалар ва таҳлилий материаллар тўплам шаклида нашр этилиши ҳам кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар