АсосийЖАМИЯТ

Эркинжон Турдимовга бириктирилган ҳокимият органлари ва ташкилотлар рўйхати маълум бўлди

Ҳужжатга мувофиқ, қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳудудий ҳокимликларнинг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятини мувофиқлаштиради

'Эркинжон Турдимовга бириктирилган ҳокимият органлари ва ташкилотлар рўйхати маълум бўлди'ning rasmi

Президентнинг 9 октябрдаги фармони билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Турдимов қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳудудий ҳокимликларнинг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Унга қуйидаги вазирлик ва ташкилотлар бириктирилди:

Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Касбий таълим агентлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Клиник аудит инспекцияси;

Ички ишлар вазирлиги — таълим муассасаларида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалиши, тазйиқ ҳамда зўравонлик жиноятларининг олдини олиш масалалари бўйича;

Ёшлар ишлари агентлиги — ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш, уларни ватанпарварлик ва миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича;

Фанлар академияси — таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида тегишли вазифаларни бажарувчи бошқа вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциялар;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли масалалар бўйича ўринбосарлари.

Фармонда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия билан ҳамкорлик қилиш вазифалари ҳам белгиланган. Жумладан, ДХХ билан ёшларнинг зарарли оқимлар ва экстремизм таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, Миллий гвардия билан эса ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик қилинади.

Ҳужжатга кўра, Турдимов тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳудудий ҳокимликларнинг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятига ўз ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилади ва уларнинг ишини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилган. У 12 та штат бирлигидан иборат бўлади. Уларнинг бештаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими, еттитаси эса қайта ташкил этилган таълим вазирликлари штатларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.

Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазирининг функционал вазифалари ҳамда янги котибият низомини тасдиқлаш топширилган.

Фармон ижросини назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Эркинжон Турдимов 9 октябрь куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланган. Шу муносабат билан у Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

    Бошқа янгиликлар