Ўзбекистонда 2026 йил сентябрь ойида пруденциал меъёрлар ва қонунчилик талабларини бузгани учун 8 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Маълум қилинишича, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси сентябрь ойида 8 та йиғилиш ўтказиб, 37 та масалани кўриб чиққан ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилган.
Кўриб чиқилган масалаларнинг 21 таси кредит ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва уларга рухсат бериш билан боғлиқ бўлган. Хусусан, кредит ташкилотлари уставларига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатига олиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш, шунингдек, банкларнинг кузатув кенгаши ҳамда бошқарув аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.
Қолган 16 та масала кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига тааллуқли бўлган. Уларда Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларга риоя этилиши, инспекция текширувлари натижалари ҳамда молиявий хизматларни "тартибга солиш қумдони" доирасида синовдан ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Марказий банкнинг қайд этишича, 8 та банкка нисбатан жарималар пруденциал меъёрлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмагани, шунингдек, инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар сабаб қўлланилган.






