АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда 10 млрд сўмга яқин давлат харидларида рақобат қоидалари бузилгани аниқланди

Қоидабузилишлар бир қатор ҳудудларда қайд этилиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

'Ўзбекистонда 10 млрд сўмга яқин давлат харидларида рақобат қоидалари бузилгани аниқланди'ning rasmi

Ўзбекистонда қарийб 10 млрд сўмлик давлат харидларида рақобатни чеклаш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, қоидабузилишлар қўмитанинг ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ва келиб тушган мурожаатларни ўрганиш давомида аниқланган.

Хусусан, Андижон вилоятидаги Олтинкўл тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 300 млн сўмлик, Фарғона вилоятидаги «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасасининг 7 та, жами 2,5 млрд сўмдан ортиқ, Жиззах вилоятидаги Зарбдор тумани 2-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2 та, жами 1,4 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар қайд этилган.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг қарийб 1,8 млрд сўмлик, Навоий вилоятидаги Хатирчи давлат ўрмон хўжалигининг 7 та, жами қарийб 1,7 млрд сўмлик давлат харидларида ҳам қоидабузилишлар аниқланган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятидаги "Ўзйўлкўприк кластер" Самарқанд филиалининг 1,7 млрд сўмлик ҳамда «Озодлик» давлат муассасасининг 410 млн сўмлик давлат харидларида қонун талаблари бузилган.

Қўмита маълумотига кўра, энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларини ўрганишда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмаган. Жумладан, савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклаши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўйилган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари қўлланган. Қоидабузилишларни бартараф этиш, айрим ҳолларда молиявий жарималар қўллаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни тегишли органларга юбориш чоралари кўрилган. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

    Бошқа янгиликлар