АсосийДУНЁ

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келади

АҚШ Давлат департаментининг 13 октябрдаги баёнотида Марко Рубионинг сафари 17 октябрдан 22 октябрга қадар давом этиши маълум қилинган.

'АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келади'ning rasmi

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 17–22 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради. У Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги "C5+1" вазирлар учрашувида иштирок этади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Рубио Ўзбекистонга ташрифи давомида Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.

АҚШ Давлат котиби ташриф давомида 200 нафардан ортиқ тадбиркор ва бизнес вакилларидан иборат Америка тижорат делегациясига ҳам бошчилик қилади. Қайд этилишича, ташрифдан мақсад АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Самарқанддаги учрашувлардан сўнг Марко Рубио Ҳиндистонга йўл олади. У Мумбай ва Жамнагар шаҳарларида бўлиб, Ҳиндистон ҳукумати вакиллари билан АҚШ–Ҳиндистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, минтақавий ва глобал масалалар ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади.

Шунингдек, у Ҳиндистондаги бизнес вакиллари билан учрашиб, инвестициялар ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

АҚШ Давлат департаментининг 13 октябрдаги баёнотида Марко Рубионинг сафари 17 октябрдан 22 октябрга қадар давом этиши маълум қилинган.

    Бошқа янгиликлар