АсосийДУНЁ

Қашқадарёда сел Damas'ни оқизиб кетди: йўловчи ҳалок бўлди

Ҳайдовчи машинадан тушиб, телефон орқали боғланишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётганидан огоҳлантирган.

'Қашқадарёда сел Damas'ни оқизиб кетди: йўловчи ҳалок бўлди'ning rasmi

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида сел оқими Дамас автомобилини оқизиб кетди. Ҳодиса оқибатида машинада бўлган йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 октябрь куни соат 17:30 атрофида туманнинг тоғли ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёққан. Оқибатда "Қўнғирот" маҳалласининг Шакарбулоқ қишлоғи ҳудудидан сел оқими ўтган.

Шу вақтда йўлдан адашган Дамас ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи йўналишни аниқлаш мақсадида сел ўтадиган ҳудудда тўхтаган. Бироқ автомобиль сирпаниб, сел ўзанидаги чуқурроқ жойга тушиб кетган.

Ҳайдовчи машинадан тушиб, телефон орқали боғланишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётганидан огоҳлантирган. Аммо кучли сел оқими Дамас ва унинг ичидаги йўловчини оқизиб кетган.

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида йўловчининг жасади топилган. Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда ички ишлар органлари масъуллари жалб этилган.

    Бошқа янгиликлар