Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси шоҳ Халид номидаги халқаро аэропорт фаолиятини тўхтатиб туриш муддати узайтирилганини маълум қилди. Бироқ чекловлар қачонгача давом этиши аниқлаштирилмаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Форс кўрфази мамлакатларига парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялардан биридаги манбага кўра, 12 октябрь куни Саудия авиацияси ҳукуматидан юборилган билдиришномада аэропорт фаолияти мамлакатдаги иш ҳафтаси якунига қадар тўхтатиб турилиши айтилган. Ар-Риёд метрополитени юқори лавозимли вакилининг AFP агентлигига маълум қилишича, ҳукумат аэропортга хизмат кўрсатувчи учта бекатга поездлар ҳаракатини ҳам вақтинча тўхтатган.
Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ямандаги ҳусийлар ҳаракатининг мамлакат аэропортлари ҳамда нефть-газ объектларига ҳужумларига «жиддий» жавоб қайтарилишини билдирган.
"Сўнгги ҳафталардаги воқеалар жуда жиддий тус олди. Бизнинг жавобимиз ҳам шунга яраша жиддий бўлиши керак", — деган у Ар-Риёдда ўтказилаётган Жаҳон энергетика конгрессидаги нутқида.
Ҳусийлар эса ҳужумлар Яманнинг ғарбида улар назоратидаги ҳудудларга нисбатан Саудия Арабистони томонидан амалга оширилган «шафқатсиз тажовуз»га жавоб эканини билдирган.
Ҳусийлар назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 11 октябрь куни Саудия Арабистони томонидан Яман пойтахти Санадаги турар жой биносига берилган ҳаво зарбаси оқибатида бир бола ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Қизил денгиз соҳиллари ва Яманнинг бошқа ҳудудларида ҳусийларга қарши курашаётган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватловчи кучларга ҳаводан ёрдам бериб келмоқда.
Жаҳон энергетика конгресси 11 октябрь куни Ар-Риёд аэропортидан тахминан 10 километр узоқликда жойлашган конгресс марказида бошланган. Маълумотларга кўра, аэропорт ўтган ҳафта давомида тўрт марта ҳужумга учраган.
Саудия ҳукумати маълум қилишича, 12 октябрь куни мамлакат шимоли-шарқидаги Даммам шаҳрида жойлашган шоҳ Фаҳд халқаро аэропорти ҳам ҳужумга учраган. Бир неча соат ўтгач, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари мамлакатнинг жануби-ғарбидаги Хамис-Мушайт шаҳри томон ҳусийлар учирган дрон ва ракетани уриб туширгани ҳақида хабар берилган.






