Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Трамп минорасида жойлашган офисни етти йилдан ортиқ муддатга ижарага олган. Шартнома қиймати қарийб 4 миллион долларни ташкил этади. Бироқ ижарага олинган майдондан деярли фойдаланилмаяпти. Бу ҳақда "The New York Times" нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, майдони тахминан 465 квадрат метр бўлган офис АҚШ Президенти Дональд Трамп оиласига тегишли бинодаги 17-қаватда жойлашган.
ФИФА мазкур офисда доимий ишлайдиган ходимларни жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Ундан асосан махсус тадбирлар ва юқори мартабали расмийлар билан учрашувлар ўтказиш, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг йиллик сессияси даврида фойдаланиш кўзда тутилган.
Мазкур келишув ФИФАнинг айрим юқори лавозимли раҳбарлари орасида саволлар туғдирган. Улар ташкилотнинг АҚШдаги асосий офислари Майами шаҳрида жойлашганини инобатга олиб, Нью-Йоркда қўшимча майдонни ижарага олиш заруратига шубҳа билдирган.
Нашр манбаларига кўра, Трамп минорасида ваколатхона очиш ташаббуси ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан илгари сурилган.
ФИФА эса ижара шартномаси бозор нархлари ва маҳаллий қонунчилик талабларига мувофиқ тузилганини билдирган. Ташкилот келишув ички тартиб-қоидалар асосида амалга оширилганини таъкидлаб, Нью-Йоркда ваколатхонага эга бўлиш халқаро ташкилот учун мантиқан тўғри қарор эканини қайд этган.






