Ўзбекистонда транспорт-логистика марказлари 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиқларидан озод этилади. Бироқ бу имтиёздан фойдаланиш учун марказлар белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Бу Президентнинг 12 октябрь куни қабул қилинган қарорида назарда тутилган.
"Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра, транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборларни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади. Улар 2030 йил охирига қадар Транспорт вазирлигининг "E-logistika" платформасига уланиши шарт.
Солиқ имтиёзлари 2040 йилгача амал қилади. Бунинг учун транспорт-логистика маркази ЭСКАТОнинг Қуруқлик портлари тўғрисидаги битимига киритилган бўлиши, тегишли бошқарув тизимларини жорий этиши ҳамда "E-logistika" платформасида "BB"ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши лозим.
Бундан ташқари, транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар 2029 йил 1 августга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмларни импорт қилишда божхона божидан озод этилади. Ушбу маҳсулотлар учун мажбурий сертификатлаш талаби ҳам бекор қилинади.
Қарорда транспорт воситаларини ишлаб чиқаришга оид чоралар ҳам белгиланган. Хусусан, 2027 йил 31 декабрга қадар М₂, М₃ ва N тоифадаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан алоҳида тартиблар жорий этилиши назарда тутилган.






