Болаларга нисбатан зўравонликка тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар бўлиши шарт. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев бир вақтнинг ўзида 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолаган.
Қонунга мувофиқ, болага жисмоний ёки руҳий азоб етказган шахслар, улар таълим муассасаси ходимлари ёки боланинг яқин қариндошлари бўлишидан қатъи назар, жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун жазони енгиллаштиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Бундай жиноятлар учун жавобгарликка тортишда даъво муддати қўлланилмайди.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, болалар хавфсизлиги ҳеч қандай шароит ёки вазиятга боғлиқ бўлмаслиги керак. Уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва қадр-қимматига тажовуз қилган ҳар қандай шахс қилмиши учун қонун олдида жавоб бериши шарт.






