АсосийДУНЁ

Санкт-Петербургдан 6,5 мингга яқин мигрант чиқариб юборилди

Санкт-Петербург суд ижрочилари йил бошидан бери қарийб 6,5 минг нафар хорижликни Пулково аэропортидаги назорат-ўтказиш пунктига кузатиб борган ва уларнинг Россиядан чиқиб кетишини таъминлаган.

'Санкт-Петербургдан 6,5 мингга яқин мигрант чиқариб юборилди'ning rasmi

2026 йил бошидан буён Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида миграция қонунчилигини бузган қарийб 6,5 минг нафар чет эл фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Санкт-Петербург суд ижрочилари йил бошидан бери қарийб 6,5 минг нафар хорижликни Пулково аэропортидаги назорат-ўтказиш пунктига кузатиб борган ва уларнинг Россиядан чиқиб кетишини таъминлаган.

Федерал суд ижрочилари хизматининг Санкт-Петербург бош бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг шу даврида мамлакатдан чиқариб юборилган хорижликлар сони 6 минг нафардан бироз кўпроқ бўлган.

Энг кўп ҳуқуқбузарлик Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари томонидан содир этилгани айтилган. Бироқ Ўзбекистон фуқароларининг аниқ сони очиқланмаган.

Шунингдек, жорий йилда Россиядан Жазоир, Гвинея, Бангладеш, Бразилия, Филиппин, Иордания, Германия, Исроил, Канада ва АҚШ фуқаролари ҳам чиқариб юборилган.

Россия қонунчилигига кўра, мамлакатга кириш ёки унда бўлиш қоидаларини бузган хорижликлар Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 18.8-моддаси асосида жавобгарликка тортилиши мумкин. Мамлакатдан мажбурий чиқариб юборилган шахсларга нисбатан Россияга беш йил давомида кириш тақиқланиши ҳам мумкин.

Аввалроқ Россияда ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли айрим меҳнат мигрантларини мажбурий имтиҳонлардан озод қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди.

    Бошқа янгиликлар