АсосийДУНЁ

Россиялик рэпер Navai Қозоғистонда гиёҳвандлик моддалари контрабандасида гумонланиб қўлга олинди

У ҳаракатланган автомобиль кўздан кечирилганда гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, мусодара қилинган.

'Россиялик рэпер Navai Қозоғистонда гиёҳвандлик моддалари контрабандасида гумонланиб қўлга олинди'ning rasmi

Россиялик машҳур рэпер Наваи Бакиров Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида гиёҳвандлик моддалари контрабандасида гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда "Ulysmedia" хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 13 октябрь куни Қозоғистонга киришда, "Қордай" назорат-ўтказиш пункти яқинида содир бўлган. Полиция ходимлари Чегара хизмати билан ҳамкорликда Navai тахаллуси билан танилган хонандани тўхтатган.

У ҳаракатланган автомобиль кўздан кечирилганда гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, мусодара қилинган.

"Ушбу факт бўйича гиёҳвандлик воситалари контрабандаси гумони билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилади Жамбил вилояти полиция департаменти хабарида.

Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, ҳодиса юзасидан бошқа маълумотлар ошкор этилмаган.

Маълумот учун, Наваи Бакиров асли озарбайжонлик бўлган россиялик рэпердир. У "HammAli & Navai" дуэти таркибида танилган. Дуэт "Девочка война", "Птичка" ва "Прятки" каби машҳур қўшиқлари билан катта шуҳрат қозонган. Кейинчалик Navai яккахон ижодкор сифатида фаолиятини давом эттирган.

    Бошқа янгиликлар