АсосийДУНЁ

Демет Ўздемир ва Мурат Боз сел оқибатида студияда қолиб кетди

Хонанда Туркиянинг фавқулодда вазиятлар хизмати, шаҳар ҳокимияти ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан ёрдам сўраган.

'Демет Ўздемир ва Мурат Боз сел оқибатида студияда қолиб кетди'ning rasmi

Туркиялик актриса Демет Ўздемир ва хонанда Мурат Боз Истанбулдаги кучли ёмғир оқибатида сув босган студияда юзлаб киши билан бирга қолиб кетди. Улар ижтимоий тармоқлар орқали масъуллардан шошилинч ёрдам ва эвакуация қилишни сўради.

Маълум қилинишича, 14 октябрь куни Истанбулда кучли ёмғир ёғиши оқибатида шаҳарнинг Сариер туманидаги Маслак–Аязаға ҳудудида сув тошқини юзага келган. Натижада «Феникс» (Phoenix) студиялари ва унинг атрофини сув босган, электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилган.

Съёмка ишлари учун студияда бўлган Мурат Боз юзлаб ходимлар билан бирга бинода қолиб кетганини маълум қилган. У ижтимоий тармоқда тарқатган видеосида йўлларни тахминан икки метр баландликда сув босганини ва сув студия ичига ҳам кириб келаётганини айтган.

Хонанда Туркиянинг фавқулодда вазиятлар хизмати, шаҳар ҳокимияти ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан ёрдам сўраган. Унинг айтишича, студияда тахминан 200–250 киши бўлган.

Актриса Демет Ўздемир ҳам шу студияда қолиб кетганини ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилган. У сув сатҳи кўтарилаётгани сабабли вазият жиддийлигини таъкидлаб, шошилинч ёрдам зарурлигини билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳудудда қолиб кетган одамларни хавфсиз жойга олиб чиқиш учун қутқарув ишлари бошланган. Қутқарув гуруҳлари ҳудудга эвакуация қайиқларини ҳам йўналтирган.

    Бошқа янгиликлар