АсосийДУНЁ

Шимолий Корея сувости кемаларидан учириладиган ракеталарни синовдан ўтказди

Айни пайтда Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда.

'Шимолий Корея сувости кемаларидан учириладиган ракеталарни синовдан ўтказди'ning rasmi

Шимолий Корея сувости кемаларидан учирилиши мўлжалланган қанотли ракеталарни синовдан ўтказди. Бу ҳақда DW хабар берди.

Маълум қилинишича, синовлар 14 октябрь куни Корея яриморолининг шарқий соҳилидаги сувларда ўтказилган. Унинг асосий мақсади сувости жанговар тизимларининг шайлигини текшириш ва мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари салоҳиятини оширишдан иборат бўлган.

Бироқ ракеталар ҳақиқий сувости кемасидан ёки сув остида жойлашган махсус синов платформасидан учирилгани ҳозирча маълум эмас.

Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари мазкур ракеталарни стратегик қурол сифатида таърифлаган. Бу эса улар ядровий каллаклар билан жиҳозланиши мумкинлигига ишора қилади. Бироқ ракеталарнинг ядровий қурол олиб юриш имконияти ҳақидаги маълумотлар ҳозирча мустақил равишда тасдиқланмаган.

Қайд этиш жоизки, Пхеньян сўнгги ҳафталарда турли қуролларни синовдан ўтказиш орқали АҚШ ва Жанубий Кореяга қарши ҳарбий тийиб туриш салоҳиятини оширишга интилмоқда. Мамлакат замонавий ракета сувости кемалари, баллистик ва қанотли ракеталарни ишлаб чиқиш ишларини ҳам давом эттирмоқда.

Шунга қарамай, Шимолий Корея замонавий ракета сувости кемасини тўлиқ иш ҳолатида фойдаланишга топширгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Синовлар Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакатдаги янги ҳарбий музейга ташриф буюрганидан икки кун ўтиб амалга оширилди. Давлат оммавий ахборот воситалари етакчининг ташрифи акс этган суратларни эълон қилди. Музейда АҚШ ҳудудигача етиб бориши мумкин бўлган қитъалараро баллистик ракета ҳам намойиш этилган.

Ким Чен Ин мамлакат ядровий арсеналини мустаҳкамлаш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлаган. Пхеньян АҚШ томонидан илгари сурилаётган ядровий қуролсизланиш масаласини муҳокама қилишга ҳозирча тайёр эмас.

Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида эҳтимолий учрашув масаласи ҳам кун тартибида турибди. Трамп президентлигининг биринчи муддати давомида Шимолий Корея етакчиси билан уч марта учрашган. АҚШ раҳбари келаси ой Осиёга сафари чоғида Ким Чен Ин билан яна учрашиши мумкинлигини билдирган.

Айни пайтда Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда. Пхеньян Сеул билан барча мувофиқлаштириш ишларини тўхтатган. Шунингдек, мамлакат Конституциясидан Корея яриморолини бирлаштиришга оид қоидаларни чиқариб ташлаган.

    Бошқа янгиликлар