АсосийДУНЁ

Туркия соҳилларида 4 700 йиллик кема қолдиқлари топилди

Туркия маданият вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг маълум қилишича, топилган буюмлар Анталияда очилиши режалаштирилган Ўрта ер денгизи сувости археологияси музейида намойиш этилади.

'Туркия соҳилларида 4 700 йиллик кема қолдиқлари топилди'ning rasmi

Туркиянинг Анталия вилояти яқинида ёши 4 400–4 700 йилга тенг бўлган савдо кемаси қолдиқлари топилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, кема қолдиқлари Кекова ороли яқинида, денгиз сатҳидан 30 метр чуқурликда аниқланган. Тадқиқотчилар узунлиги тахминан 10 метр бўлган кема Ўрта ер денгизи бўйлаб юк ташиш учун хизмат қилганини тахмин қилмоқда.

Сувости изланишлари давомида учта тош лангар ва 30 дан ортиқ сопол идиш, жумладан, амфоралар топилган. Кеманинг ёғоч қисмлари сақланиб қолмагани сабабли унинг ёшини радиокарбон усулида аниқлаш имкони бўлмаган.

Археологлар топилманинг ёшини сопол идишларнинг шакли ва безакларини бошқа қадимий буюмлар билан таққослаш орқали белгилаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кема қолдиқлари илк бронза даврига тегишли бўлиб, бу давр Мисрдаги Буюк пирамидалар қурилган замон билан бир даврга тўғри келади.

Олимлар идишлар ичида сақланиб қолган қуюқ моддаларни ҳам ўрганмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, уларда зайтун мойи, вино ёки дарахт смоласи бўлган бўлиши мумкин.

Мутахассислар ушбу топилма қадимги Ўрта ер денгизи ҳудудидаги савдо алоқалари ҳақида янги маълумотлар бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

Туркия маданият вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг маълум қилишича, топилган буюмлар Анталияда очилиши режалаштирилган Ўрта ер денгизи сувости археологияси музейида намойиш этилади.

Маълумот учун, мазкур топилмага қадар дунёдаги энг қадимий кема қолдиқлари сифатида Грециянинг Докос ороли яқинидан топилган, тахминан 4 200 йиллик кема қолдиқлари қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар