АсосийДУНЁ

Исроил Ғазо секторига тижорий товарлар киритилишини тўхтатди

Исроил томонининг билдиришича, чеклов маҳаллий савдогарлар ва ҲАМАС ўртасидаги солиқ низоси билан боғлиқ.

'Исроил Ғазо секторига тижорий товарлар киритилишини тўхтатди'ning rasmi

Исроил Ғазо секторига тижорий товарлар киритилишини тўхтатди. Бунинг оқибатида ҳудудда яшаётган 2,1 миллион аҳолининг озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминланиши янада қийинлашиши мумкин. Бу ҳақда "Al Jazeera" Исроил ҳарбийларининг Ғазодаги гуманитар масалаларни мувофиқлаштирувчи органи — COGAT маълумотларига таяниб хабар берди.

Исроил томонининг билдиришича, чеклов маҳаллий савдогарлар ва ҲАМАС ўртасидаги солиқ низоси билан боғлиқ. COGAT иддаосига кўра, ҲАМАС Ғазога кирувчи ҳар бир юк машинасидан 10 минг шекель, яъни тахминан 3 220 доллар йиғим ундиришни, шунингдек, савдоларнинг 30 фоизини нақд пулда амалга оширишни талаб қилган. Исроил томони маҳаллий савдогарлар ушбу талабларга жавобан товар етказиб беришни тўхтатганини билдирган.

Бироқ Ғазо ҳукумати бу айбловларни рад этди. Ҳукумат матбуот хизмати Исроил баёнотини "асоссиз ёлғон ахборот кампанияси" деб атаб, юк машиналари ҳаракати тўхтагани учун масъулиятни Ғазо томонига юклашга уриниш бўлаётганини билдирди.

Ғазо ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, йиғим мажбурий эмас, балки эҳтиёжмандлар, жумладан, бева аёллар ва етимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ихтиёрий тўлов ҳисобланади. Нақд пулда тўлов қилиш эса уруш оқибатида юзага келган пул танқислиги билан изоҳланган.

Тижорий товарлар киритилишининг тўхтатилиши Ғазодаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Ҳудуд аҳолиси озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларини етказиб беришда Исроил назорат қиладиган чегараларга боғлиқ. Қиш мавсуми яқинлашаётган бир пайтда мева-сабзавот, гўшт ва қишки кийим-кечаклар таъминотидаги узилишлар аҳоли учун қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Норвегия қочқинлар кенгаши вакили Шейна Лунинг таъкидлашича, фақат гуманитар ёрдам орқали барча аҳолининг эҳтиёжларини қондиришнинг имкони йўқ. Унинг фикрича, бозорлар ҳам фаолият кўрсатиши керак.

Ғазо хусусий юк ташувчилар уюшмаси раҳбари Наҳед Шехейбер ҳам Исроил томонининг баёнотини рад этиб, тижорий товарлар ҳаракати тўхтатилиши учун жавобгарликни Исроил зиммасига юклаган.

Маълумотларга кўра, АҚШ воситачилигида эришилган келишувда Исроил ҳар куни Ғазога гуманитар ёрдам олиб кирадиган камида 600 та юк машинасини ўтказиши белгиланган. Бироқ амалда бу кўрсаткичга эришилмаётгани айтилмоқда. Наҳед Шехейбернинг маълум қилишича, ҳудудга кунига тахминан 300 та юк машинаси кирмоқда ва уларнинг учдан икки қисми тижорий юклардан иборат.

Аввалроқ, июль ойида глобал очарчиликни кузатувчи ташкилот Ғазо аҳолисининг учдан икки қисмидан кўпроғи йил охиригача ўткир очарчиликка дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Тижорий товарлар ҳаракати қачон тикланиши ҳозирча маълум эмас.

    Бошқа янгиликлар