АсосийДУНЁ

Мирзиёев энергетика соҳасига 4,7 миллиард долларлик инвестиция жалб этувчи битимларни имзолади

Имзоланган битимлар доирасида 3 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш ва 400 мегаватт энергия сақлаш қувватлари яратилади.

'Мирзиёев энергетика соҳасига 4,7 миллиард долларлик инвестиция жалб этувчи битимларни имзолади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалалари юзасидан сармоядорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбир доирасида умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик 6 та йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди.

Давлат раҳбари барқарор энергия таъминоти иқтисодиёт ривожи, тадбиркорлар фаолияти ва аҳоли фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда энергетика бозори хусусий сармоялар учун очилиб, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилган. Бу даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилган. Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 31 фоизга етган.

Имзоланган битимлар доирасида 3 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш ва 400 мегаватт энергия сақлаш қувватлари яратилади.

Президентнинг таъкидлашича, энди энергетика соҳасига жалб этиладиган ҳар бир инвестиция нафақат янги қувватларни яратиши, балки электр таъминоти ишончлилигини ошириш ва тармоқлардаги йўқотишларни камайтиришга ҳам хизмат қилиши керак.

2030 йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратиш, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 129 миллиард киловатт-соатдан ошириш ва қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бунинг учун генерация, электр узатиш ва энергия сақлаш тизимлари ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантирилади. Қайси ҳудудда қандай қувват зарурлиги олдиндан белгиланиб, лойиҳалар очиқ танлов асосида жойлаштирилади. Инвесторларга ер майдони, электр тармоғига уланиш ҳамда энергияни харид қилиш шартлари аввалдан маълум қилинади.

Яқин вақтда умумий қуввати 2 минг 200 мегаватт бўлган 6 та қуёш ва шамол электр станцияси лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади.

Шунингдек, энергетика соҳасининг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, жамоатчиликка эълон қилинади. Келгуси йил 1 мартгача тармоқларга уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар эса тўлиқ бош режа тақдим этилиши белгиланган.

Электр тармоқларини модернизация қилиш ва энергия сақлаш инфратузилмасини кенгайтириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди. 2030 йилгача 5 минг километр электр тармоғи ва 16 та йирик подстанция қуриш, энергия сақлаш қувватларини эса 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилди. Юқори кучланишли ускуналар, энергия сақлаш тизимлари ва шамол генераторлари учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича 850 миллион долларлик 12 та истиқболли лойиҳа тайёрланган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган атом электр станцияси учун зарур маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида солиқ ва божхона имтиёзларига эга махсус саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Нефть-газ соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган. Устюрт минтақасида "SOCAR" ва "British Petroleum" компаниялари билан 6 та инвестиция блокида қидирув ишлари олиб борилмоқда. Хорижий ҳамкорларга таклиф этиш учун яна 128 та блок тайёрланган.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятида полиэтилен, полипропилен ва PET маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган MTO лойиҳасини амалга ошириш, Бухоро ва Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

Суюлтирилган газ таъминоти тизимига бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент бу жараёнда таъминот узлуксизлиги, хавфсизлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифати устувор бўлиши шартлигини таъкидлади.

Энергетика соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида келгуси ўқув йилидан олий таълим муассасаларида тегишли йўналишлар бўйича қабул квоталари оширилади. Ҳар йили 50 нафар ёшнинг етакчи хорижий университетларда таҳсил олиши учун давлат грантлари ажратилади.

Шу билан бирга, инвесторларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилиш мақсадида Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгаши ташкил этилади. Президент Администрацияси раҳбари бошчилик қиладиган ушбу кенгаш лойиҳаларни тайёрлашдан тортиб, объектларни ишга туширишгача бўлган жараёнда юзага келадиган масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланади.

Тадбир якунида Шавкат Мирзиёев сармоядорлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва фикрларини тинглади. Давлат раҳбари ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

    Бошқа янгиликлар