АсосийСПОРТ

Туркий давлатлар ўртасида “Туркия кубоги” футбол турнири ташкил этилиши мумкин

Ҳозирча турнирнинг аниқ санаси, иштирокчи давлатлар рўйхати ва мусобақа формати ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

'Туркий давлатлар ўртасида “Туркия кубоги” футбол турнири ташкил этилиши мумкин'ning rasmi

Туркияда туркий давлатлар ўртасида ҳар икки йилда бир марта халқаро футбол турнирини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ҳақда Адолат ва тараққиёт партияси (АК партия) раис ўринбосари Куршад Зорлу маълум қилди.

У туркий дунё ёшлари учрашувида сўзга чиқиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва футбол соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган иккита ташаббус ҳақида гапирди.

Зорлунинг айтишича, биринчи ташаббус Туркияда тўп сураётган туркий давлатлар вакилларини легионер футболчилар эмас, балки турк футболчилари сифатида ҳисобга олиш масаласига тааллуқли. Бу масала Туркия футбол федерацияси президенти билан ҳам муҳокама қилинган.

Иккинчи ташаббус эса туркий давлатлар иштирокида “Туркия кубоги” футбол мусобақасини ташкил этишни назарда тутади. Унга кўра, Туркия футбол федерацияси ҳар икки йилда бир марта туркий давлатлар терма жамоалари ёки футболчилари иштирокида турнир ўтказиши мумкин. Бу борадаги ишлар Ёшлар ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда бошланган.

“Худо хоҳласа, Туркия футбол федерацияси ҳар икки йилда бир марта ‘Туркия кубоги’ номи остида барча туркий давлатлар учун қўшма футбол турнирини ташкил этади. Биз бу борадаги саъй-ҳаракатларни Ёшлар ва спорт вазирлигимиз билан биргаликда бошлаяпмиз”, деди Зорлу.

Унинг таъкидлашича, ташаббуслар туркий давлатлар ўртасидаги спорт ҳамкорлигини кенгайтириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Зорлунинг фикрича, туркий дунёда 200 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ёш футболчиларни ўз мамлакатларида тайёрлаш ва уларга имконият яратиш орқали миллий терма жамоаларнинг Европа чемпионати, Жаҳон чемпионати ҳамда бошқа халқаро мусобақалардаги натижаларини яхшилаш мақсад қилинган.

    Бошқа янгиликлар