АсосийДУНЁ

Дронлар ҳужуми хавфи сабаб Москвадаги тўртта аэропорт ёпилди

Украина дронлари ҳужуми хавфи сабаб 16 октябрдан 17 октябрга ўтар кечаси Москвадаги тўртта йирик аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди.

'Дронлар ҳужуми хавфи сабаб Москвадаги тўртта аэропорт ёпилди'ning rasmi

Чекловлар етти соатгача давом этди, 160 дан ортиқ авиақатнов бекор қилинди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Қайд этилишича, Москва мэри Сергей Собянин Россия пойтахти томон учиб келаётган 94 та дрон уриб туширилганини маълум қилган. Шу кечанинг ўзида Санкт-Петербург шаҳридаги Пулково аэропорти ҳам икки марта фаолиятини тўхтатган.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко эса ҳудуд осмонида тўртта дрон йўқ қилинганини билдирган.

Россиянинг “Агентство” мустақил суриштирув нашри маълумотларига кўра, Москвадаги Внуково, Домодедово, Жуковский ва Шереметьево аэропортлари октябрь ойининг дастлабки 14 кунида жами 101 соат давомида ёпиқ бўлган. Бу кўрсаткич сентябрь ойининг бутун даврида қайд этилган 46 соатлик чекловлардан икки баравардан кўпроқдир.

Шунингдек, жорий йилнинг 13 октябрь куни Украина Россия пойтахтига қарши энг йирик дрон ҳужумларидан бирини амалга оширгани, унда қарийб 500 та дрондан фойдаланилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Аввалроқ, 9 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путинни олиб кетаётган самолёт Туркманистондаги саммитдан қайтиш чоғида дронлар ҳужуми сабаб Москвага қўна олмагани ва Санкт-Петербургга йўналтирилгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ Россия расмийлари бу маълумотни тасдиқламаган ҳам, рад этмаган ҳам.

Маълумотларга кўра, Украина Россия аэропортлари фаолиятини издан чиқаришга қаратилган махсус кампания ўтказаётганини расман тасдиқламаган. Айрим нашрлар эҳтимолий операцияни “M&M операцияси” деб атамоқда.

Украина Россиянинг ҳарбий, энергетика ва тижорат объектларига зарбалар бериб келмоқда. Бу ҳужумлар Россиянинг уруш харажатларини молиялаштириш имкониятларини чеклашга қаратилгани айтилмоқда.

    Бошқа янгиликлар