АсосийДУНЁ

Алишер Усмонов “Эвертон” клубини сотиб олишга қизиқмоқда

Усмоновга тегишли USM Holdings компанияси 2017 йилда “Эвертон”нинг Финч-Фарм машғулот базасига ном бериш ҳуқуқи учун беш йиллик ҳомийлик шартномасини имзолаган.

'Алишер Усмонов “Эвертон” клубини сотиб олишга қизиқмоқда'ning rasmi

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Англиянинг “Эвертон” футбол клубига сармоя киритиш ва жамоа билан боғлиқ фаолиятини қайта тиклаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “talkSPORT” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Усмонов клубга катта миқдорда маблағ йўналтиришни истамоқда. Бироқ унинг жамоага қайтиши ва сармоя киритиш имкониятлари ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.

Усмонов аввал “Эвертон”нинг бевосита эгаси бўлмаган. Бироқ у клубнинг собиқ асосий акциядори Фарҳод Мошири билан яқин бизнес ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган. Мошири 2016 йилда жамоанинг 49,9 фоизлик улушини сотиб олган, кейинчалик эса ўз улушини 94,1 фоизгача оширган.

“Форбс” маълумотларига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 14 миллиард долларга баҳоланади. У аввалроқ Фарҳод Мошири билан биргаликда Лондоннинг “Арсенал” клубида ҳам 14,58 фоизлик улушга эгалик қилган.

Усмоновга тегишли USM Holdings компанияси 2017 йилда “Эвертон”нинг Финч-Фарм машғулот базасига ном бериш ҳуқуқи учун беш йиллик ҳомийлик шартномасини имзолаган. Шунингдек, тадбиркор билан боғлиқ MegaFon компанияси клубнинг аёллар жамоасига ҳам ҳомийлик қилган.

Бироқ 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин “Эвертон” Усмонов билан боғлиқ компаниялар билан тузилган барча ҳомийлик келишувларини тўхтатган.

2024 йил декабрь ойида клубнинг назорат пакети АҚШнинг The Friedkin Group компаниясига сотилди. Компания “Эвертон”нинг 99,5 фоизлик улушини қўлга киритди.

Журналист Алан Бразилнинг айтишича, Усмоновнинг клубга қайтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Бундан ташқари, Усмоновга нисбатан Буюк Британия томонидан жорий этилган санкциялар ва унинг активларини музлатиш чоралари клубга сармоя киритиш имкониятларига таъсир қилиши мумкин.

Маълумот учун, айни вақтда “Эвертон” клуби эгаси ҳисобланган The Friedkin Group жамоани сотиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

    Бошқа янгиликлар