АсосийДУНЁ

Трамп: “Пардоз қилмасам, мурдага ўхшаб қоламан”

Трамп ўзининг пардоз қилиш одати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

'Трамп: “Пардоз қилмасам, мурдага ўхшаб қоламан”'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп пардоз қилмаса, мурдага ўхшаб қолишини айтди. У бу ҳақда 16 октябрь куни Жоржия штатидаги Далтон шаҳрида республикачи номзодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган сайловолди митингида гапирди.

Митинг давомида Трамп демократик сенатор Жон Оссоффнинг пардоз учун сарфлайдиган харажатларини танқид қилди. Унинг айтишича, сенатор визажист хизматларидан мунтазам фойдаланади ва бунинг учун катта маблағ сарфлайди.

“У бу ишга бор кучини сарфлайди. Унинг визажисти бор, улар доим бирга. Қандай қилиб бундай қилишини билмайман, лекин у бунга жуда кўп пул сарфлайди”, деди Трамп.

Шунингдек, АҚШ Президенти Оссофф Сенат тарихидаги бошқа эркак ва аёл сенаторларнинг барчасидан кўпроқ маблағни пардоз учун сарфлаганини даъво қилди.

Трамп ўзининг пардоз қилиш одати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Мен бироз пардоз қиламан ва буни ўзим амалга ошираман. Чунки озгина пардоз қилмасам, мурдага ўхшаб қоламан. Мен эса бундай кўринишни истамайман”, деди АҚШ Президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири Санаэ Такаичи пардоз қилиш, чўмилиш, овқат тайёрлаш ва бошқа уй юмушларига кунига камида уч соат сарфлашини айтган эди. У шу сабабли эркакларга қараганда 3–4 соат кўпроқ банд бўлиши мумкинлигини билдирган.

    Бошқа янгиликлар