Россия Президенти Владимир Путин жорий йил бошидан буён Россия қўшинлари қарийб 6,5 минг квадрат километр ҳудуд ва 310 та аҳоли пунктини назорат остига олганини билдирди. У бу ҳақда 16 октябрь куни Бирлашган қўшинлар гуруҳининг қўмондонлик пунктига ташрифи чоғида гапирди.
“Умуман олганда, жорий йил бошидан бери 6,5 минг квадрат километрга яқин ҳудуд ва 310 та аҳоли пункти озод қилинди”, деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Украина назорати остида Донецк халқ республикаси (ДХР) ҳудудининг 10 фоиздан сал кўпроғи ва Запорожье вилоятининг 16,5 фоизи қолган. Шунингдек, Путин Луганск халқ республикаси (ЛХР) тўлиқ Россия назорати остида эканини айтган.
Бироқ Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотлари Россия қўшинларининг ҳудудий олға силжишига оид бошқа манзарани кўрсатади.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Россия армиясининг ҳудудий назоратидаги соф ўсиш атиги 144,51 квадрат километрни ташкил этган. Бу Путин айтган 6,5 минг квадрат километрдан қарийб 45 баравар кам.
ISW маълумотларида қайд этилишича, Россия қўшинлари айрим ойларда ҳудудларни эгаллаш ўрнига бой берган. Жумладан, 2026 йил апрель ойида 116,01 квадрат километр, май ойида 281,1 квадрат километр ва сентябрь ойида 80,81 квадрат километр ҳудуд йўқотилган.
Шу билан бирга, институт маълумотларига кўра, Россия армияси январь ойида 318,54 квадрат километр, февраль ойида 122,73 квадрат километр ва март ойида 23,04 квадрат километр ҳудудни эгаллаган. Июнь, июль ва август ойларида ҳам муайян ҳудудий олға силжиш кузатилган.
ISW аввалроқ Путиннинг Россия армияси эришган ютуқлар кўлами ҳақидаги баёнотлари фронтдаги вазиятга мос келмаслигини билдирган эди. Институт фикрича, Кремль ҳарбий муваффақиятларни бўрттириб кўрсатиш орқали жанг майдонидаги вазият ҳақида ўзига маъқул тасаввурни шакллантиришга уринмоқда.






