Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Давлат раҳбари буюк алломанинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва уни ёш авлодга етказиш муҳимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари қарорига мувофиқ, 2025 йилда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланган эди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида жойлашган мажмуани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган.
Умумий майдони 10,2 гектарни ташкил этувчи мажмуада зиёратчилар учун янги масжид барпо этилди. Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний мақбаралари тўлиқ реконструкция қилинди. Шунингдек, аллома меросини чуқур ўрганишга мўлжалланган илмий марказ, кутубхона ва музей ташкил этилди.
Президент мазкур масканларнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, буюк аждодлар меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш бугунги кунда ҳам долзарб эканини қайд этди.
“Бундай илм ўчоқларини ташкил этишдан мақсадимиз — буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва ёшларимизга етказиш. Бизга бугун бу илм жуда керак. Бу ерда қанча ёшларимиз Мотуридий бобомизнинг минг йил олдин ёзган асарларини ўрганади. У зот минг йил олдин ҳар бир масалани чуқур илм ва аниқ далиллар билан асослаб, одамларни жаҳолатдан огоҳлантирганлар. Ушбу асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мажмуа ҳудудида зиёратчилар учун зарур инфратузилма ҳам яратилган. Жумладан, кириш қисмида пештоқ, ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар ва автотураргоҳ барпо этилган. Ҳудудга маҳаллий ҳамда Ўзбекистон иқлимига мослашган хорижий дарахт ва бута кўчатлари экилган.
Тадбир давомида алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари мажмуага ташриф буюрган ҳар бир инсон Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий мероси ва ислом оламидаги ўрни ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин”, — деди Президент.






