Ўзбекистонда ноқонуний GSM-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта колл-марказ ташкил этган ва фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Жиноий йўл билан топилган 8 миллион АҚШ доллари криптоактивлар орқали хорижга чиқарилиб, легаллаштирилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноий гуруҳни аниқлаган.
Аниқланишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йилларда туғилган беш нафар шахс пойтахтнинг Миробод туманидаги нотурар бинолардан бирини ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил этган. Гуруҳ билан алоқадор бўлган яна бир шахс эса бошқа бир фуқаронинг хонадонини ижарага олиб, у ерга колл-марказ фаолиятида фойдаланиш учун GSM-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Маълум қилинишича, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс раҳбарлик қилган гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офисида киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлган.
Жиноий гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштиришга уриниш бўлаётганини айтган. Шу тариқа улар фуқароларни алдаб, шахсий маълумотларини қўлга киритган. Кейин эса жабрланувчиларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ўзлаштирган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштирган.
Қайд этилишича, жиноий фаолият натижасида қўлга киритилган жами 8 миллион АҚШ доллари сохта масъулияти чекланган жамият орқали криптоактивларга айлантирилиб, хорижий давлатга олиб чиқилган ва легаллаштирилган.






