АсосийДУНЁ

Ким Чен Ин комага тушгани ҳақидаги хабарлардан кейин омма олдида кўринди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин миясига қон қуйилиб, комага тушгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар тарқалганидан сўнг кийим-кечак ва пойабзал кўргазмасига ташриф буюрди.

'Ким Чен Ин комага тушгани ҳақидаги хабарлардан кейин омма олдида кўринди'ning rasmi

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин миясига қон қуйилиб, комага тушгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар тарқалганидан сўнг жамоатчилик олдида кўриниш берди. Мамлакат давлат ахборот агентлиги — KCNA унинг кийим-кечак ва пойабзал кўргазмасига ташриф буюргани акс этган суратларни эълон қилди.

Агентлик маълумотига кўра, Ким Чен Ин 19 октябрь куни кўргазма билан танишган. Унга рафиқаси Ри Сол Жу ва қизи Жу Э ҳамроҳлик қилган. Эълон қилинган суратларда Шимолий Корея етакчиси маҳсулотларни кўздан кечираётгани ва расмийлар билан суҳбатлашаётганини кўриш мумкин.

Ким Чен Иннинг омма олдида кўриниш бериши унинг саломатлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалган бир пайтга тўғри келди. Айрим хабарларда унинг миясига қон қуйилгани, комага тушгани ва шошилинч даволаниш учун Пекинга олиб кетилгани даъво қилинган. Бироқ бу маълумотлар ишончли далиллар билан тасдиқланмаган.

Шунингдек, Ким Чен Ин вафот этган тақдирда унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар билдирилган. Унинг қизи Жу Э ва синглиси Ким Ё Жон эҳтимолий ворислар сифатида тилга олинган.

KCNA хабарига кўра, Ким Чен Ин кўргазма билан танишар экан, мамлакатда кийим-кечак ва пойабзал саноати ривожланаётганини юқори баҳолаган.

«Кўргазмада 70 мингдан ортиқ кийим-кечак ва 170 мингдан ортиқ жуфт пойабзал намойиш этилди», — дейилади агентлик хабарида.

Маҳсулотлар Шимолий Кореянинг турли ҳудудларидаги заводларда ишлаб чиқарилган. Бу ишлаб чиқаришни йирик шаҳарлардан ташқарида ҳам ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган сиёсат доирасида амалга оширилмоқда.

Ким Чен Иннинг саломатлиги ҳақидаги миш-мишлар аввал ҳам бир неча бор тарқалган. У қисқа муддатга жамоатчилик олдида кўринмай қолганида, унинг соғлиғи ва эҳтимолий ворислари ҳақида турли тахминлар пайдо бўлади.

    Бошқа янгиликлар