Колумбиянинг Нарино департаментидаги Санта-Барбара муниципалитетида ноқонуний олтин кони қулаши оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди. Яна етти нафар кончи жароҳат олди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, олтин қазиб олиш жараёнида содир бўлган кўчки кончиларни вайроналар остида қолдирган. Ҳодисадан кейин маҳаллий аҳоли ва қутқарув гуруҳлари жабрланганларга ёрдам бериш ҳамда кончиларни вайроналар остидан олиб чиқиш ишларини бошлаган.
Колумбиянинг Табиий офатлар хавфини бошқариш миллий бўлими (UNGRD) маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларни қутқариш ишларида маҳаллий аҳоли ва қутқарувчилар иштирок этган.
Нарино департаменти губернатори Луис Альфонсо Эскобар ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. У фавқулодда вазиятларда инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш ва жабрланган оилаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Колумбияда август ойида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган. Ўшанда кондаги фалокат оқибатида 13 киши ҳалок бўлган эди.






