АсосийДУНЁ

АҚШда импорт маҳсулотлари орқали кириб келган зараркунандалар миллиардлаб дарахтни нобуд қилди

Олимлар бу жараён ўрмон экотизимларига жиддий зарар етказаётгани ва зараркунандаларнинг бошқа ҳудудларга ҳам тарқалаётганидан огоҳлантирмоқда.

'АҚШда импорт маҳсулотлари орқали кириб келган зараркунандалар миллиардлаб дарахтни нобуд қилди'ning rasmi

АҚШга импорт маҳсулотлари ва уларнинг ёғоч қадоқлари орқали кириб келган зараркунанда ҳашаротлар ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар миллиардлаб дарахтнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудлари энг кўп зарар кўрган. Бу ҳудудларда дарахт турлари хилма-хил бўлиб, импорт маҳсулотлари ҳам катта ҳажмда олиб кирилади. Айрим жойларда ўрмонлар йўқолиб, уларнинг ўрнини тиканли буталар ва чирмашиб ўсувчи ўсимликлар эгаллаган.

Зараркунандалар энг кўп шумтол дарахтларига зарар етказган. 2002 йилда Детройт шаҳри яқинида шумтолларга ҳужум қилувчи зумрад рангли қўнғиз аниқланган. 20 йилга етмай Шимолий Америкада ўсадиган шумтолнинг олтита асосий тури ҳам йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, ширага ўхшаш майда ҳашаротлар цуга номли игнабаргли дарахтларни нобуд қилмоқда. 2012 йилдан буён эса Япониядан кириб келган микроскопик чувалчанглар бук дарахтларининг баргларига зарар етказмоқда.

Претория университетининг ўрмон касалликлари бўйича мутахассиси Бернард Слипперс халқаро савдо зараркунандаларнинг дунё бўйлаб тез тарқалишига шароит яратаётганини таъкидлади.

"Савдо орқали ҳашаротлар ва микробларни бутун дунё бўйлаб жуда тез тарқатяпмиз. Аслида, бу билан ўзига хос тажриба ўтказяпмиз", — деди у.

2002 йилда халқаро савдода ишлатиладиган ёғоч қадоқларга юқори ҳароратда ишлов бериш ёки уларни махсус газ билан зарарсизлантириш бўйича халқаро келишув қабул қилинган. Бу чоралардан кейин зараркунандалар билан зарарланган юклар улуши тахминан учдан бир ёки ярмига камайган. Бироқ олимлар белгиланган қоидаларга ҳамма жойда ҳам риоя қилинмаётганини қайд этмоқда.

2011 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, пўстлоқхўр ва ёғочни кемирувчи ҳашаротлар зарарлаган дарахтларни кесиш, ўрнига янгиларини экиш ва даволаш АҚШ маҳаллий ҳокимиятларига йилига қарийб 1,7 миллиард долларга тушади. Ҳатто битта дарахтни ҳашаротлардан ҳимоялаш учун 150 долларгача маблағ сарфланиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашиш учун олимлар уларнинг табиий душманларидан ҳам фойдаланмоқда. Масалан, Корнелл университети тадқиқотчилари зараркунанда ҳашаротларни йўқ қилиш мақсадида ўрмонларга юз минглаб пашша ва қўнғизларни қўйиб юборган.

Шунингдек, олимлар зараркунандалардан омон қолган дарахтларни чатиштириш орқали чидамли янги навларни яратиш устида ишламоқда.

Зараркунандаларнинг тарқалиши фақат АҚШ билан чекланмаяпти. Халқаро савдо орқали бегона ҳашаротлар ва бошқа организмлар дунёнинг турли ҳудудларига кириб бормоқда.

Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойига келиб, Осиё йўлбарс чивини Европа Иттифоқи ва Европа иқтисодий ҳудудидаги 16 мамлакатнинг 369 та ҳудудида доимий тарқалган.

Ушбу чивин денге иситмаси, чикунгуня ва Зика вирусларини тарқатиши мумкин. Таққослаш учун, 2013 йилда Осиё йўлбарс чивини атиги 114 та ҳудудда қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар