АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан уч томонлама учрашувда иштирок этишга қарши эмас. Бу ҳақда у 19 октябрь куни журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Трампнинг айтишича, агар Си Цзиньпин бундай учрашув ўтказишни истаса, у бунга тайёр. Бироқ АҚШ президенти учрашувда Украина масаласи эмас, балки ядровий қурол ва ядровий қуролсизланиш мавзуси муҳокама қилиниши мумкинлигини таъкидлади.
"Агар Си шундай учрашув ўтказишни истаса, мен тайёрман. Украина масаласини муҳокама қилиш учун эмас, чунки, очиғини айтганда, Россия Украинага нисбатан ўзини мутлақо нормал тутди. Биз бу учрашувда ядровий қурол ва ядровий қуролсизланиш масалаларини муҳокама қилган бўлардик", — деди Трамп.
Шунингдек, АҚШ президенти Украина раҳбари Владимир Зеленскийни танқид қилди. Трамп уни Россия билан низони тугатишни истамасликда айблаб, Украина номидан музокараларни бошқа бирор киши олиб бориши керак бўлган вақт келганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 19 октябрь куни The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб, Владимир Путин Дональд Трамп ва Си Цзиньпинга Украина масаласини муҳокама қилиш учун уч томонлама саммит ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берганди. Нашр маълумотларига кўра, Путин Украинадаги можарони Украина президенти Владимир Зеленский иштирокисиз, Москва учун мақбул шартлар асосида ҳал этиш бўйича келишувга эришмоқчи.
Хитой ҳам Трамп учрашувга рози бўлган тақдирда, бундай мулоқотга қарши эмаслигига ишора қилган.
Сўнгги ҳафталарда Дональд Трамп Украинага нисбатан босимни кучайтирди. У Киевни Россия билан келишувга эришишга чақириб, Россиянинг нефть қайта ишлаш заводларига зарбаларни тўхтатиш ва президентлик сайловларини ўтказиш масалаларини ҳам кўтарди.
Шу билан бирга, Трамп маъмурияти Россиядан дизель ёқилғиси етказиб беришга рухсат бергани ва Москвага қарши янги кескин санкциялар жорий этишдан бош тортгани ҳақида хабарлар тарқалди.






