Судан ва Жанубий Судан чегарасидаги баҳсли Абъей ҳудудида жойлашган бозорга дронлар орқали ҳужум қилинди. Оқибатда камида 153 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум 19 октябрь куни содир бўлган. Абъей ҳудуди ахборот вазири вазифасини бажарувчи Ёхана Акол Нгорнинг айтишича, дастлаб 73 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Бироқ қидирув-қутқарув ишлари давомида қурбонлар сони 153 нафарга етган.
Унинг сўзларига кўра, ҳудудда ёнғин ҳали ҳам давом этаётгани сабабли қурбонлар сони яна ортиши мумкин. Айрим жасадлар бутунлай ёниб кетган.
Reuters билан суҳбатлашган уч нафар дипломат, ёрдам ташкилоти ходими ва можаро бўйича эксперт ҳужум бозор ҳудудидаги ёқилғи омборига текканини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, ушбу омбордан аввалроқ «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари» (RSF) ўз қўшинларини таъминлаш учун фойдаланган. Бироқ бу маълумотларни мустақил тасдиқлаш имкони бўлмаган.
Абъей ҳудудининг масъул расмийси ҳужумни Судан армияси амалга оширганини айтган, аммо бу даъвони тасдиқловчи далил келтирмаган. Судан қуролли кучлари вакили Reuters агентлигининг изоҳ сўровига ҳозирча жавоб бермаган.
Судан ҳарбий ҳукумати вакиллари эса RSF жангарилари ҳудуднинг айрим қисмларида фаолият юритаётганини билдирган. Абъей расмийси бу даъвони рад этган.
Ҳужум оқибатида қарийб 8 минг киши яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. «Чегара билмас шифокорлар» халқаро ташкилоти яқин атрофдаги Амет Бек шифохонасида 20 нафардан ортиқ ярадор даволанаётганини маълум қилган. Уларнинг айримлари куйиш жароҳатларини олган.
Жанубий Судан Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумдан кейин Судан элчисини чақириб, норозилик билдирган. БМТ эса Абъей ва Суданнинг бошқа ҳудудларидаги дрон ҳужумларини қоралаб, улар тинч аҳоли ҳамда муҳим инфратузилмага жиддий зарар етказаётганини таъкидлаган.
Суданда 2023 йил апрель ойидан бери мамлакат армияси ва RSF ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Можаро йирик гуманитар инқирозга сабаб бўлган.
Ҳужумдан олдинги кунларда ҳам Суданнинг турли ҳудудларида дрон зарбалари оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлган. Жумладан, Ғарбий Кордофан штатидаги ҳужумларда 84 киши ҳалок бўлиб, 65 киши яраланган. Ниала шаҳридаги бозорга қилинган ҳужум оқибатида эса 23 киши ҳаётдан кўз юмган.






