АсосийСИЁСАТ

Зироат Мирзиёева оғир касалликка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал тармоққа раис бўлди

Тармоқнинг асосий мақсадларидан бири — ҳар бир боланинг ҳаётий шароитидан қатъи назар, зарур тиббий ёрдам олиши, соғлом ўсиши ва ривожланиши учун имконият яратишдир.

'Зироат Мирзиёева оғир касалликка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал тармоққа раис бўлди'ning rasmi

Самарқандда оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга, жумладан, саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган глобал тармоқ тузилгани эълон қилинди. Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ушбу тармоққа икки йил муддатга раис этиб сайланди.

Глобал тармоқ тузилганини АҚШдаги "St. Jude" болалар илмий-тадқиқот шифохонаси вице-президенти, "St. Jude Global" директори Карлос Родригес-Галиндо маълум қилди. Бу ҳақдаги маросим Самарқандда ўтаётган болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс доирасида бўлиб ўтди.

Янги тармоқ оғир касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш борасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида биринчи хонимлар ҳамда давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради.

Зироат Мирзиёеванинг тармоққа раис этиб тайинланиши Ўзбекистонда болалар онкологияси хизматини ривожлантириш борасида эришилган натижалар, шунингдек, унинг саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган фаолияти эътирофи сифатида қайд этилди.

Тармоқнинг асосий мақсадларидан бири — ҳар бир боланинг ҳаётий шароитидан қатъи назар, зарур тиббий ёрдам олиши, соғлом ўсиши ва ривожланиши учун имконият яратишдир.

    Бошқа янгиликлар