Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан Санкт-Петербургдаги Константин саройида ўтказган музокараларини якунлади. Уч соатдан бироз кўпроқ давом этган учрашув тафсилотларини Россия раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Ушаковнинг сўзларига кўра, Россия Украинадаги урушни ҳал этишга оид асосий масалаларни муҳокама қилиш учун ноябрь ойида уч томонлама музокаралар форматига қайтишга тайёр.
"Президентимиз Уиткоффга асосий масала бўйича уч томонлама музокараларни ноябрь ойининг ўн кунлигида қайта бошлашга принципиал жиҳатдан тайёр эканимизни маълум қилди", — деди Ушаков.
Шунингдек, Ушаковнинг қайд этишича, Уиткофф Европа давлатлари ва Киевнинг можарони ҳал этишга ёндашувларидаги янги ўзгаришларни таъкидлаган.






