Озарбайжон Туркиянинг 31 нафар фуқаросини "нома мақбул шахслар" деб эълон қилиб, уларнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Рўйхатдан Туркиянинг "Янги фаровонлик" партияси раиси Фотиҳ Эрбоқон, депутат Ўмар Фарруҳ Гергерлиўғли, собиқ спорт ҳаками Аҳмад Чақар ва журналист Юсуф Қоплон каби шахслар ўрин олган. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Рўйхатга сиёсат, оммавий ахборот воситалари, илм-фан ва диний соҳа вакиллари киритилган. Улар орасида Айя Софиянинг собиқ имоми, Мармара университети илоҳиёт факультети ўқитувчиси Меҳмет Бўйниқалин ҳам бор.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги қарор мамлакат суверенитети, миллий хавфсизлиги ва конституциявий тузумини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини билдирган. Қайд этилишича, рўйхатга киритилган шахслар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Озарбайжон суверенитети, конституциявий тузуми, халқи ва раҳбариятига қарши қаратилган баёнотлар берган.
Ҳужжатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга чақириш, диний радикализм асосида зўравонликни рағбатлантириш, диний нафрат ва адоватни қўзғатиш каби даъволар қарор учун асос сифатида келтирилган. Бироқ қайси шахснинг айнан қандай баёноти ёки хатти-ҳаракатлари сабаб бўлгани ҳақида аниқ мисоллар эълон қилинмаган.
Қарор ҳижоб билан боғлиқ танқидлардан кейин қабул қилинганми?
Озарбайжоннинг 31 нафар турк фуқаросига нисбатан чеклов жорий этишига Бокудаги мактабларда рўмол ўраган ўқувчи ва ўқитувчилар дарсларга киритилмаётгани акс этган видеолар ортидан билдирилган танқидлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ расмий Боку бу тахминни тасдиқламаган.
Октябрь ойи ўрталарида Туркиянинг "Янги фаровонлик" партияси раиси Фотиҳ Эрбоқон Озарбайжон мактабларида қизларнинг ҳижоб ўрашига чекловлар қўйилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берган. У Озарбайжон раҳбарияти ва президент Илҳом Алиевни танқид қилиб, мазкур тақиқни "қолоқлик, ақлдан ташқари ва виждонга зид" деб атаган.
Рўйхатга киритилган шахслар орасида Туркиянинг собиқ бош вазири Нажмиддин Эрбоқоннинг ўғли Фотиҳ Эрбоқон ҳам бор. Нажмиддин Эрбоқон 1996–1997 йилларда Туркия ҳукуматига раҳбарлик қилган. У Қорабоғ масаласида Озарбайжон позициясини қўллаб-қувватлаган сиёсатчилардан бири сифатида тилга олинади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига қарши қаратилган деб баҳоланган баёнотлар ҳамда адоватни қўзғатувчи фаолиятга қарши чоралар кўришда давом этишини маълум қилган.






