Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбинлар, сеҳргарлар, гиёҳвандликка чалинган шахслар, фоҳишалар, уларнинг мижозлари ва яқин қариндошлари ҳақида маълумотлар базасини шакллантиради. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур база фол очиш, сеҳргарлик ва бошқа фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ташкил этилади. Унга фолбинлар, сеҳргарлар, сарсон юрувчи сохта муллалар, фоҳишалар, уларнинг мижозлари ва яқин қариндошлари, шунингдек, гиёҳвандликка чалинган ҳамда шунга ўхшаш фаолиятга алоқадор бошқа шахсларнинг исм-шарифлари киритилади.
Вазирликнинг таъкидлашича, маълумотлар базасига киритилган шахслар доимий назоратда бўлади.
Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида пойтахтда фолбинлик билан боғлиқ 93 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича беш кишига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил август ойида Тожикистонда фолбинлар, сеҳргарлар ва магларга мурожаат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилган эди.






