АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Дональд Трамп маъмуриятининг ёрдамисиз Украина бугун суверен давлат сифатида мавжуд бўлмаслиги мумкинлигини айтди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Рубио The Wall Street Journal нашрининг SpaceX асосчиси Илон Маскнинг Украинадаги Starshield сунъий йўлдош алоқа тизими фаолиятига чекловлар қўйилишига алоқадорлиги ҳақидаги мақоласи юзасидан фикр билдирди.
"Агар Трамп маъмурияти даврида ҳам Қўшма Штатларнинг ёрдами бўлмаганида, Украина бугун мавжуд бўлмас эди. У суверен давлат сифатида мавжуд бўлмас эди", — деди АҚШ Давлат котиби.
Унинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти Starshield тизими фаолиятига бундай чекловлар қўйилишига рухсат бермаган.
Украина сўнгги йилларда бюджет тақчиллиги билан юзма-юз келмоқда. Мамлакатнинг ўз даромадлари асосан ҳарбий харажатларни қоплашга сарфланаётган бўлса, бюджетнинг бошқа эҳтиёжлари Ғарб давлатларининг ёрдами ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Киев ҳарбий харажатларни қоплаш учун маблағ топиш тобора қийинлашаётганини ҳам тан олган.






