АсосийДУНЁ

Австралияда марҳумлар танасини ўғитга айлантиришга рухсат берилди

Мазкур усул "терраформация" деб аталиб, марҳумнинг танасини махсус шароитда парчалаш орқали ўсимликлар экишга яроқли тупроқ олишни назарда тутади.

'Австралияда марҳумлар танасини ўғитга айлантиришга рухсат берилди'ning rasmi

Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штатида марҳумлар танасини унумдор тупроққа айлантириш усулини қонунийлаштирувчи қонун қабул қилинди. Янги дафн усули 2028 йилдан бошлаб қўлланилиши кутилмоқда. Бу ҳақда "The Sydney Morning Herald" нашри хабар берди.

Мазкур усул "терраформация" деб аталиб, марҳумнинг танасини махсус шароитда парчалаш орқали ўсимликлар экишга яроқли тупроқ олишни назарда тутади. У анъанавий дафн ва кремацияга муқобил, нисбатан арзон ҳамда экологик жиҳатдан мақбул усул сифатида таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасини мустақил депутат Алекс Гринвич илгари сурган. Унинг фикрича, аҳолига марҳумларни дафн этишнинг анъанавий усулларидан ташқари муқобил имкониятларни ҳам тақдим этиш зарур. Бу, айниқса, қабристонлар учун ер майдонлари чекланган ва дафн маросимлари қимматга тушадиган шароитда муҳим аҳамиятга эга.

Жараён қандай амалга оширилади?

Терраформация жараёнида марҳумнинг танаси сомон, пичан ва гулбарглар каби табиий материаллар билан бирга махсус герметик контейнерга жойлаштирилади. Контейнерга 40–60 кун давомида узлуксиз ҳаво етказиб берилади. Шу вақт ичида органик моддалар парчаланиб, унумдор тупроқ ҳосил бўлади.

Жараён якунланганидан сўнг тайёр тупроқ марҳумнинг яқинларига топширилади.

Қабристонлар учун ер тежалади

Ушбу усулнинг асосий афзалликларидан бири — дафн учун алоҳида ер майдони талаб этилмаслигидир. Бу Австралияда қабристонлар учун жой танқислиги кучайиб бораётган шароитда муҳим ечим бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, терраформация жараёнида кремацияга нисбатан атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори камроқ бўлиши кутилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Австралияда анъанавий дафн маросими харажатлари 50 минг Австралия долларигача етиши мумкин. Янги усул эса нисбатан арзон муқобил сифатида кўрилмоқда.

Барча санитария ва экологик талабларга жавоб берадиган махсус лицензияланган марказларни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, мазкур қарор Австралияда бундай дафн усулини қонунийлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Ҳозирда инсон танасини компостлаш орқали тупроққа айлантиришга АҚШнинг бир қатор штатларида ҳамда Германиянинг Шлезвиг-Гольштейн федерал ерида рухсат берилган.

    Бошқа янгиликлар