АсосийДУНЁ

Бухорода наркотик лабораторияси фош этилди: икки киши ушланди

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Бухорода наркотик лабораторияси фош этилди: икки киши ушланди'ning rasmi

Бухоро шаҳрида синтетик гиёҳвандлик моддаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган икки нафар шахс ушланди. Улардан жами 10 килограмм 850 грамм "спайс" мусодара қилинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ташкил этилган наркотик лабораторияси фош этилди.

Маълум қилинишича, Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки нафар фуқаро интернет орқали фаолият юритувчи наркотик дўконда "омборчи" ва "кимёгар" бўлиб ишлаган. Улар хонадонда синтетик гиёҳвандлик моддаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган.

Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида 6 килограмм 650 грамм "спайс", SIM-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип-пакетлар, электрон тарози ҳамда кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар томонидан Когон туманидаги яширин жойларга бўлиб-бўлиб яширилган яна 4 килограмм 200 грамм "спайс" ҳам аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 273 ва 276¹-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Бошқа янгиликлар