АҚШнинг Нью-Мексико штати марҳум молиячи Жефри Эпштейннинг адвокати ва ҳисобчисига унинг меросидан пул тўланишини тўхтатиш, шунингдек, жинсий зўравонликдан жабр кўрганларга товон пули ундириш талаби билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нью-Мексико Бош прокурори Раул Торрез маълум қилишича, даъво Эпштейннинг адвокати Даррен Индайк ва ҳисобчиси Ричард Канга қарши киритилган. Улар молиячининг жинсий савдо билан боғлиқ фаолиятига ёрдам бериш, уни молиялаштириш ва яширишда айбланмоқда.
Даъво аризасида келтирилишича, Индайк ва Кан Эпштейннинг 107 миллион долларлик меросини бошқарувчи ҳамижрочилар ҳисобланади. Улар меросдан мос равишда 50 миллион ва 25 миллион доллар олиши мумкин.
Бироқ уларнинг адвокати Дэниел Вайнер айбловларни рад этди. Унинг таъкидлашича, Индайк ва Кан аёлларга нисбатан жинсий зўравонликка била туриб ёрдам бермаган. Шунингдек, у жиноятлар улар иштирок этмаган жойларда содир этилганини айтган.
“Эпштейн ёлғиз ҳаракат қилмаган. Унинг ўлими жиноятларига ёрдам берган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳаракатларига чек қўймайди”, деган Раул Торрез.
Нью-Мексико штати жорий йил февраль ойида Эпштейнга тегишли “Zorro Ranch” ранчосидаги фаолият юзасидан терговни қайта бошлаган эди. Эпштейн ушбу ҳудудда қарийб 30 йил давомида аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик қилганликда айбланган. Бироқ тергов бошланганидан саккиз ой ўтганига қарамай, жиноий айбловлар илгари сурилмаган.
Бундан ташқари, штат Эпштейн ишига оид таҳрир қилинмаган ҳужжатларни олиш мақсадида АҚШ Адлия вазирлигини судга берган. Штат расмийлари Дональд Трамп маъмуриятини терговга тўсқинлик қилишда айбламоқда. Вазирлик эса айрим ҳужжатлар тақдим этилганини, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари туфайли материалларнинг катта қисмини ошкор этиш имкони бўлмаганини билдирган.
Эпштейннинг жинсий савдо тармоғидан жабр кўрган икки аёл — Юлия Молчанова ва Анушка Де Жоржио ҳам судга мурожаат қилинишини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, Эпштейннинг жиноятларига била туриб ёрдам берган ва унинг меросидан манфаат кўриши мумкин бўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Эпштейннинг шериги Жизлейн Максвелл 2022 йилда вояга етмаган шахсни жинсий савдога жалб қилиш ва шу билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Америкалик молиячи Жефри Эпштейн 2019 йил август ойида Нью-Йоркдаги қамоқхонада ўлик ҳолда топилган. Жорий йил бошида АҚШ Адлия вазирлиги унинг ишига оид минглаб саҳифадан иборат янги ҳужжатларни эълон қилган эди.
Шунингдек, Эпштейннинг ҳуқуқий вориси ва унинг икки ҳамкори қарийб 40 нафар жабрланувчига 35 миллион долларгача товон пули тўлаш бўйича келишувга эришган эди.






