АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев Қашқадарёда тадбиркорларни тақдирлади, китобхонларга Тошкентдан уй совға қилинади

Давлат раҳбари энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхона фаолияти билан танишганини таъкидлади.

'Мирзиёев Қашқадарёда тадбиркорларни тақдирлади, китобхонларга Тошкентдан уй совға қилинади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда бир қатор фуқароларнинг меҳнатини эътироф этди. “Султонтеқс” кластери раҳбари Нурбек Эргашевга фахрий унвон берилиши, “Ёш китобхон оила” танлови ғолибларига эса Тошкентдан икки хонали хонадонлар совға қилиниши маълум қилинди.

Давлат раҳбари энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхона фаолияти билан танишганини таъкидлади. Нурбек Эргашевнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар учун кўпроқ имконият яратиш режалари қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Президент Нурбек Эргашевга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.

Қамаши туманидаги Чим маҳалласида лимончиликни ривожлантириб, аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманноп Худойбердиевга ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони берилади.

Қашқадарёда маърифатни тарғиб қилаётган “Мутолаа” лойиҳаси бош муҳаррири Жавлон Жовлиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилди.

Бундан ташқари, “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилиниши айтилди.

    Бошқа янгиликлар