АсосийСИЁСАТ

Қашқадарёда 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри барпо этилади

Қашқадарёдаги техникум битирувчиларига Европада 5 минг еврогача маош таклиф қилинмоқда

'Қашқадарёда 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри барпо этилади'ning rasmi

Қашқадарё вилоятида 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри барпо этилади. Шунингдек, Қарши туманида 235 гектарлик “Янги Насаф” экомажмуаси қурилиши бошланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишида маълум қилинди.

Янги Қарши шаҳри Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасидаги 5 минг гектар майдонда қурилади. Лойиҳани ишлаб чиқиш учун нуфузли архитектура компаниялари жалб этилади. Икки ой ичида илғор шаҳарсозлик ечимларини қамраб олган бош режани тайёрлаш, бунинг учун дастлаб 20 миллиард сўм ажратиш белгиланган.

Янги ҳудудларда кўп қаватли уйлар, савдо ва бизнес марказлари “яшил” ҳамда “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида барпо этилади.

Қашқадарёдаги техникум битирувчиларига Европада 5 минг еврогача маош таклиф қилинмоқда

Президент йиғилишда Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникуми тажрибасига ҳам тўхталди. Техникумнинг 32 нафар устаси Германияда малака ошириб қайтган ва ҳозир вилоятдаги 57 та техникум усталарига ўз билимларини етказмоқда.

Ҳар йили 10–11-синфларнинг 2,5 минг нафар ўқувчиси ушбу техникумда касб-ҳунар ўрганиб, аттестат билан бирга касбий сертификат ҳам олади. Германиялик ўқитувчилар эса йилига 1,5 минг нафар ёшга немис тили ва касб ўргатади.

Давлат раҳбари лойиҳанинг илк битирувчилари билан суҳбатлашганини айтди. Уларга Европада ойига 3 мингдан 5 минг еврогача маош тўланадиган иш ўринлари таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, туманлардаги мактаб ўқувчиларини ушбу техникум ва янги методика асосида ишлаётган 57 та техникумга жалб қилиш бўйича аниқ йўналишлар ишлаб чиқиш топширилди.

Қашқадарёдаги мактабларда аниқ фанлар чет тилларида ўқитилади

Вилоят ёшлари таълим ва интеллектуал мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Cambridge” имтиҳонларида 98 фоиз натижа билан республикада биринчи бўлган. Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари эса “Заковат” турнирида ғолиб чиққан.

Косонлик 11-синф ўқувчиси Муроджон Халимов SAT имтиҳонида максимал — 1600 балл тўплаган.

Президент бундай иқтидорли ёшлар кўплигини таъкидлаб, келаси йилдан барча туманларда биттадан мактабда аниқ фанларни чет тилида ўқитишни йўлга қўйиш вазифасини белгилади.

Бундан ташқари, йил якунига қадар ҳар бир туманда робототехника тўгараги очилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади. Ҳар йили март ойида ўқувчилар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилади. Ғолибларга 30 миллион, 20 миллион ва 10 миллион сўмдан пул мукофотлари берилади.

Қашқадарёда ҳар йили “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилади

Вилоятда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси” жорий этилади. Ҳар йили Наврўз арафасида “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилиб, ғолиблар электромобиль ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Йиғилиш якунида вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахбороти тингланиб, фаоллар билан мулоқот ўтказилди.

    Бошқа янгиликлар