АсосийСИЁСАТ

Қарши давлат университетида 1,3 мингдан ортиқ янги ётоқхона ўрни яратилди

Давлат раҳбари ташриф давомида университетнинг талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан ҳам танишди.

'Қарши давлат университетида 1,3 мингдан ортиқ янги ётоқхона ўрни яратилди'ning rasmi

Қарши давлат университетида талабалар учун таълим ва тадқиқот имкониятлари кенгайтирилди. Олийгоҳда учта янги талабалар турар жойи қурилиб, 1 минг 300 дан ортиқ қўшимча ўрин яратилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида маълум қилинди.

Университетда ҳозирда 14 мингдан ортиқ талаба бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олмоқда. Таълим кундузги, сиртқи ва масофавий шаклларда ташкил этилган. Олийгоҳда 579 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритади.

Таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида инглиз филологияси, математика, амалий математика ҳамда физика йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтказилган. Россия ва Беларусь олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 14 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.

Тиллар факультетида минг ўринли замонавий медиа студия ҳамда хитой, немис, француз, инглиз ва рус тилларини ўрганиш марказлари ташкил этилган. Халқаро дастурлар доирасида синхрон таржимонлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, еттита лабораторияни бирлаштирган Халқаро лабораториялар марказида сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва робототехника йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ўтган йили университетда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Талабалар учун учта янги ётоқхона барпо этилиши натижасида уларнинг турар жойига бўлган эҳтиёж тўлиқ қоплангани маълум қилинди.

Бундан ташқари, университет ҳудудида 240 ўринли болалар боғчаси, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва анжуманлар саройи фаолият юритмоқда. Олийгоҳ қошида “Лочин” футбол жамоаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унинг машғулотлари учун замонавий майдон қурилган.

Давлат раҳбари ташриф давомида университетнинг талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунланди. Президент Тошкентга қайтиб келди.

    Бошқа янгиликлар