АсосийСИЁСАТ

Шаҳноза Мирзиёева: Болаларни ҳимоя қилиш эртага эмас, бугундан бошланади

Тадбирда сўзга чиққан Шаҳноза Мирзиёева болаларнинг фаровонлиги, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир мамлакат олдида турган муҳим вазифа эканини таъкидлади.

'Шаҳноза Мирзиёева: Болаларни ҳимоя қилиш эртага эмас, бугундан бошланади'ning rasmi

Самарқандда "Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл" мавзусидаги бутунжаҳон саммити давом этмоқда. Унда турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари, БМТ, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Шаҳноза Мирзиёева болаларнинг фаровонлиги, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир мамлакат олдида турган муҳим вазифа эканини таъкидлади.

"Болалар — бизнинг келажагимиз", деган гапни кўп такрорлаймиз. Аммо ўзим она бўлганимдан кейин бу иборанинг маъносини янада теранроқ англай бошладим. Чунки ота-она учун фарзанд шунчаки келажак эмас. Фарзанд — бугунги кунимиз", — деди у.

Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, болаларни ҳимоя қилиш, аввало, уларнинг ёнида бўлиш, зарур пайтда ёрдам бериш ва хавфсизлигини таъминлашдан бошланади.

Унинг қайд этишича, рақамли оламнинг кенгайиши, дунёдаги беқарорлик ва турли зиддиятлар болалар ҳамда оилалар хавфсизлигига таъсир кўрсатмоқда. Бу каби муаммоларни ҳал этиш учун ҳукуматлар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур.

"Биргаликда зўравонликка нисбатан мутлақо муросасизлик ва ҳар бир болага сўзсиз ҳурмат тамойилларига асосланган янги маданиятни шакллантиришимиз мумкин. Бугун болаларимизнинг бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги бизнинг қўлимизда. Шунинг учун болалар олдидаги масъулиятимиз эртага эмас, айнан бугундан бошланади", — деди Шаҳноза Мирзиёева.

    Бошқа янгиликлар