Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни АҚШнинг Eldridge Industries компанияси раҳбари Тодд Боэлини қабул қилди. Учрашувда тоғ-кон саноати, металлургия, қурилиш ва шаҳар инфратузилмаси соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда АҚШнинг мазкур компанияси билан йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, тоғ-кон саноати, металлургия ва қурилиш соҳаларида шерикликни кенгайтириш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасига рақамли ечимларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Музокаралар якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Маълумот учун, Eldridge Industries — активларни бошқариш, суғурта, кўчмас мулк, инфратузилма, технологиялар, спорт ва медиа соҳаларида фаолият юритувчи АҚШ инвестиция холдинги. Компания бошқарувидаги активлар қиймати 75 миллиард доллардан ошади.






