Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини глобал миқёсда илгари сургани учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли халқаро мукофоти — WHO Director-General’s Award 2026 билан тақдирланди.
WHO Director-General’s Award — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директорининг глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги нуфузли халқаро мукофоти. У 2019 йилда ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус томонидан таъсис этилган. Лауреатларни шахсан ЖССТ Бош директори танлайди.
Ушбу мукофот глобал соғлиқни сақлаш соҳасида алоҳида етакчилик кўрсатиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда аниқ натижаларга эришган шахсларга берилади. Мукофот ҳар йили чекланган сондаги шахсларга тақдим этилади.
Масалан, 2024 йилда уч нафар, 2025 йилда эса икки нафар лауреат ушбу мукофотга лойиқ кўрилган. Улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари, амалдаги ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва таниқли олимлар бор.
Хусусан, Барбадос Бош вазири Миа Моттли, физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари Каталин Карико ва Дрю Вайсман, глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги таниқли олим Питер Пиот ҳамда Ҳарвард профессори Пол Фармер каби дунёга машҳур шахслар ҳам ушбу мукофот билан тақдирланган.
Миа Моттли — иқлим ўзгариши ва унинг инсон саломатлигига таъсири масалаларидаги етакчилиги, шунингдек, микробларга қарши препаратларга чидамлиликка қарши кураш бўйича Глобал етакчилар гуруҳи раиси сифатидаги фаолияти учун 2024 йилда тақдирланган.
Каталин Карико ва Дрю Вайсман — COVID-19 га қарши мРНК вакциналарини яратишга йўл очган илмий тадқиқотлари ва ушбу технологияни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2024 йилда мукофотланган. Уларнинг кашфиётлари пандемия даврида самарали мРНК вакциналарини ишлаб чиқишда ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Карико ва Вайсман 2023 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотига ҳам сазовор бўлган.
Питер Пиот — глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўп йиллик фаолияти ва жамоат саломатлигига қўшган улкан ҳиссаси учун 2023 йилда тақдирланган. У Эбола вирусининг илк бор кашф этилиши ва биринчи эпидемияни жиловлаш ишларида иштирок этган, кейинчалик ОИВ/ОИТСга қарши глобал курашда етакчи рол ўйнаган.
Пол Фармер — дунёнинг энг кам таъминланган аҳоли қатламларига сифатли тиббий ёрдам етказиш, соғлиқни сақлашда тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий тенгсизлик масалаларидаги кўп йиллик фаолияти учун 2022 йилда вафотидан сўнг тақдирланган.
У Ҳарвард тиббиёт мактабининг глобал саломатлик ва ижтимоий тиббиёт департаменти раҳбари ҳамда кам таъминланган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи “Partners In Health” халқаро ташкилоти ҳаммуассиси бўлган.
Зироат Мирзиёеванинг болалар онкологияси бўйича тиббий ёрдам тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги, шунингдек, ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини глобал миқёсда илгари суриш борасидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди.
“Муҳтарам Биринчи хоним! Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатлари йўлида чинакам курашчи, ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ҳимоячисисиз”, — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
ЖССТнинг мазкур нуфузли мукофоти Биринчи хоним бошчилигида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижаларнинг глобал миқёсдаги эътирофи бўлди.






