Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтаётган «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари болалар фаровонлиги, уларнинг хавфсизлиги, сифатли таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари ҳар бир давлат сиёсатида устувор ўрин тутиши кераклигини таъкидлади.
Мирзиёевнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 45 фоизга ошган. Сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб тўрт баробар қисқарган. Шунингдек, инклюзив мактаблар сони беш баробар кўпайган ва ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълимга жалб этилган.
Президент етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг барчаси оила муҳитида тарбияланаётганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар бир бола меҳр ва ғамхўрликка асосланган муҳитда улғайиши учун оилаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш зарур.
Давлат раҳбари болаларнинг оғир касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш, хусусан, болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, болаларни кибербуллинг, эксплуатация ва шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш, хавфсиз рақамли муҳит яратиш муҳимлигини қайд этди.
Мирзиёев болаларнинг ўзларига тааллуқли қарорларни қабул қилиш жараёнларидаги фикрини ҳам инобатга олиш лозимлигини айтди. У Самарқанд платформасини тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни ривожлантириш механизми сифатида шакллантиришни таклиф этди.
Президент саммитда билдирилган ташаббуслар аниқ режалар ва амалий ишлар билан давом этиши, натижалар эса болалар ҳаётида сезилиши кераклигини таъкидлади.






