Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни давлат ташрифи билан Ўмон Султонлигига борди. Уни аэропортда Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид кутиб олди.
Давлат раҳбарининг самолёти Ўмон ҳаво ҳудудига киргач, уни султонлик Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари кузатиб борди.
Масқат халқаро аэропортида Ўзбекистон Президентини Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ва мамлакатнинг юқори мартабали расмийлари кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Икки давлат раҳбарлари расмий делегациялар аъзолари билан кўришиб, фахрий қоровул сафини кўздан кечирди.
Аэропортнинг Султонлик терминалидаги қисқа суҳбатдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид биргаликда «Ал-Аълам» саройига йўл олди.
Қайд этиш жоизки, давлат ташрифи 16–17 ноябрь кунлари давом этади. Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар, йирик компаниялар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.






