АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Telegram блокланди

Ҳозирча Telegram блокировкаси қанча муддат давом этиши ва мессенжер фаолияти қачон тикланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилмаган.

'Telegram блокланди'ning rasmi

Иордания ҳукумати мамлакат ҳудудида Telegram мессенжеридан фойдаланишни чеклади. Расмийлар бунга миллий хавфсизликка таҳдидлар, экстремизм тарғиботи ва кибержиноятларни сабаб қилиб кўрсатган.

Бугун, 16 ноябрь куни Иордания Жамоат хавфсизлиги бошқармаси мамлакат ҳудудида Telegram мессенжери блокланганини маълум қилди. Бу ҳақда "Jordan News Agency" ахборот агентлиги хабар берди.

Бошқарма баёнотида қайд этилишича, қарор рақамли хавфсизликни мустаҳкамлаш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ҳамда интернет платформалари орқали содир этиладиган қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Расмийларга кўра, Telegram экстремизм ва радикализм ғояларини тарқатиш, кибержиноятлар содир этиш, таҳдид ва товламачилик билан шуғулланиш, шунингдек, қонунга зид материалларни тарқатиш учун ишлатилиши мумкин. Бу эса жамоат тартиби ва миллий хавфсизликка таҳдид туғдиради.

Шу муносабат билан Иордания Жамоат хавфсизлиги бошқармаси фуқароларни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишга чақирди. Хусусан, номаълум аккаунтлар билан мулоқот қилмаслик, шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик ҳамда қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга хабар бериш тавсия этилди.

Шунингдек, ота-оналарга фарзандларининг интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини назорат қилиш, уларни рақамли хавфлардан огоҳлантириш тавсия қилинди.

Ҳозирча Telegram блокировкаси қанча муддат давом этиши ва мессенжер фаолияти қачон тикланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилмаган.

    Бошқа янгиликлар