Тошкент шаҳрида реновация дастури доирасида кўчириладиган мулкдорларга Янги Тошкент ҳудудидан амалдаги хонадони майдонининг 150 фоизигача бўлган янги уй-жой таклиф этилиши мумкин. Шунингдек, битта хонадон ўрнига иккита алоҳида уй бериш имконияти ҳам кўриб чиқилади.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, янги механизм Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги «Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-243-сон фармонида назарда тутилган.
Унга кўра, реновация доирасида кўчириладиган мулкдорларга Янги Тошкент ҳудудидан мавжуд хонадони майдонининг 1,5 бараваригача бўлган уй-жой таклиф этилиши мумкин.
Масалан, агар оиланинг ҳозирги хонадони 50 квадрат метр бўлса, унга Янги Тошкентдан 75 квадрат метргача бўлган янги хонадон таклиф қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, муқобил вариантлар ҳам мавжуд. Масалан, 70 квадрат метрли битта хонадон ўрнига мулкдорга 105 квадрат метргача бўлган кенгроқ уй ёки умумий майдони 105 квадрат метрни ташкил этувчи иккита алоҳида хонадон — 45 ва 60 квадрат метрли уйлар таклиф қилиниши мумкин.
Бироқ бу шартлар барча учун бир хил тарзда кафолатланмайди. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ва мулкдорларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, алоҳида кўриб чиқилади. Таклифларни ишлаб чиқишга мустақил ташкилотлар жалб этилади. Хонадонларнинг майдони, сони ва бошқа шартлар эса мулкдорлар билан келишилади.
Ҳокимликка кўра, айрим оилалар учун ўзи яшаб келган туманда қолиш муҳим бўлса, бошқалар кенгроқ уй-жойга эга бўлиш ёки жадал ривожланаётган Янги Тошкентга кўчиб ўтишни маъқул кўриши мумкин. Янги механизм ҳар бир оиланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда муқобил ечим таклиф этишга қаратилган.
Шу билан бирга, реновация жараёнида асосий тамойиллар ўзгаришсиз қолади. Жумладан, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ва компенсация шартларини келишиш талаб этилади.






