16 ноябрь куни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Масқат шаҳридаги «Ал-Аълам» саройида учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Уммон Султони Ўзбекистон етакчисини самимий қутлаб, мазкур ташриф икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилишига ишонч билдирган.
Шавкат Мирзиёев кўрсатилган юксак эҳтиром ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ташриф Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлишини таъкидлаган.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда фаол ривожланиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар алоқалар изчил кенгаймоқда.






